9 декабря 2017 г.

Қашқадарёлик ёш оилаларга байрам туҳфаси

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан Қарши шаҳрида 64 нафар ёш оилага мўлжалланган "Ёшлар” уйлари тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ёш оилалар учун барпо этилган “Ёшлар” уйларини топшириш маросими муносабати билан Вилоят ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва ёшлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини янада яхшилашга қаратилаётган эътибор самараси аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини юксалтиришдек эзгу ишларда намоён бўлаётгани алоҳида таъкидланди. 
- Бугун Қарши шаҳри “Рогузар” МФЙда жойлашган 64 хонадонга мўлжалланган “Ёшлар” уйлари қуриб битказилиб, ўз эгаларига топширилмоқда, - дейди Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Шомурод Сатторов. - Айниқса, бугун янги уй соҳибига айланган ёш оилалар вакилларининг қувончлари чексиз. 2018 йилда Қашқадарё вилоятида 5 та, яъни, Қарши шаҳрида 3 та, Қарши тумани ҳамда Чироқчи туманларида 1 тадан жами 256 хонадондан иборат “Ёшлар” кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши режалаштирилган.
Қарши шаҳрининг марказида қад ростлаган 64 хонадондан иборат 4 қаватли уй шаҳар кўркига кўрк қўшди. Барча қулайликларга эга бу турар жойнинг имтиёзли кредит асосида, бошланғич тўловларсиз берилаётгани ёш оилалар учун катта имкониятдир. 
- Бугун мен учун қувончли кун. Гувоҳи бўлиб турганингиздек мана шундай кўркам "Ёшлар” уйларидан бирида, оилам билан истиқомад қилишдек қувончлик бахтга муяссар бўлдим, - дейди янги уй соҳибаларидан бири, “Шуҳрат” медали ва “Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишон соҳиби Мухриддин Ўткиров. Бунинг учун Президентимизга, давлатимизга, вилоят ҳокимлигига ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ўз миннатдорчилигимни билдираман ҳамда бундан кейинги фаолиятимни ҳам юртимизнинг янада ривожланиши учун сафарбар этишга ваъда бераман.
Мухтасар қилиб айтганда, юртимизда ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, буларнинг барчаси озод юртимизнинг навқирон авлодларини тарбиялаш, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, билимли, соғлом ва баркамол вояга етишларини таъминлашга қаратилган эзгу ишлардир.
Маросимда вилоят ҳокими Зафар Шаропович Рўзиев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Аҳрор СОДИҚОВ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий