28 февраля 2018 г.

Қашқадарёда ёшлар жиноятчилигининг камайишига қандай эришилмоқда?

3 январь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси бошчилигида ўтказилган йиғилишда Ёшлар иттифоқининг мамлакат ёшларига мурожаатномаси қабул қилинди. Унда ёшлар муаммоларига ҳамда иттифоқнинг янги йилдаги устувор вазифаларига урғу берилди. Жумладан, 2018 йилда асосий эътибор ёшлар жиноятчилигига қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ишларини самарали ташкил этишга қаратилиши таъкидланди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш ва вилоятимиз ёшлари орасида содир этиладиган жиноятчиликларни олдини олиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб борилди. Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси ОАВлар орқали ёшлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат йўллади. Шунингдек, Ёшлар иттифоқи қошида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган жисмонан соғлом, ақлан етук ва ижтимоий фаол ёшлардан иборат “Жасорат” клублари ташкил этилди. Бугун юқоридаги ҳаракатлар ўз самарасини берди.
- 2017 йил январь ойида ёшлар ўртасида 91 маротаба жиноят содир этилган бўлса, 2018 йил январь ойида 43 маротаба, яъни 48 тага камайган, - дейди Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Ш.Сатторов. – 2018 йилда ҳам фоизларда эмас, балки, ҳар бир ёш тақдири билан алоҳида қайғуриб, вилоятимизни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида ёшлар билан доимий равишда мулоқотлар ўтказиб, уларнинг таклиф ва тавсиялари асосида истиқболли режалар ишлаб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этиб келмоқдамиз.
Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган тадбирлар, ёшлар ўртасида ўтказилаётган учрашув ва суҳбатлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиб, юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказишдан иборатдир.

Аҳрор Содиқов.

Комментариев нет:

Отправить комментарий