Жорий йилнинг 22 февраль куни Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот
институти Қашқадарё вилоят филиали мажлислар залида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё
вилоят Кенгашининг 2017 йил июль-декабрь ойларида амалга оширилган ишлар ҳамда
истиқболдаги режаларига бағишланган навбатдаги Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Иттифоқнинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши масъул ходимлари,
Кенгаш аъзолари, фаол ёшлар, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот
воситалари вакиллари иштирок этди.
Кенгаш йиғилишда “Фаол
тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури, Ўзбекистон
Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Ўзбекистон
Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларни
амалга ошириш бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг комплекс
чора-тадбирлар Дастури, “Ўзбекистон
Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча
чора-тадбирлар дастури”да белгиланган тадбирлар ижроси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг 2018
йилга мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш ва ёшлар ўртасида жиноятчилик ва
ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда шу каби бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Кенгаш аъзолари томонидан ўрганилган таҳлил натижаларга кўра,
фаолиятида сусткашликка йўл қўяётган Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши ва Деҳқонобод туман Кенгашлари масъул
ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига асосан, тегишли
интизомий чоралар кўрилди.
- Олдинги йиғилишларга қараганда бугунги Кенгаш йиғилишнинг
таҳлилий-танқидий руҳда ўтказилиши ҳам бежизга эмас, - деди Ёшлар иттифоқи
вилоят Кенгаши раиси Шомурод Сатторов. – Чунки, ютуқ ва натижалар билан бир
қаторда, йўл қўйилган камчиликларни ҳам очиқ-ойдин ўртага ташланиши кейинги
фаолиятимизни янада самаралироқ бўлишига хизмат қилади. Биргина, маҳаллий "Камалак" болалар ташкилоти раисларининг доим тайёр турадиган "баҳоналари" сабаб, кўп жойларда бошланғич ташкилотлар фаолияти ҳали ҳам самарали йўлга қўйилмаган.
Йиғилишнинг энг долзарб жиҳатларидан бири Ёшлар иттифоқи вилоят
Кенгашининг 2018 йилга мўлжалланган иш режаси муҳокамага қўйилиб, барчанинг
таклиф ва тавсиялари эшитилгани бўлди.
Бунинг натижасида ёшларимизни доимий иш ўрни билан таъминлаш мақсадида
ҳар ойда бўш иш ўринлар ярмаркасини ташкил этиш, ёш оилалар учун барча туман ва
шаҳарларимизда “Ёшлар” уйларини қуриб ўз эгаларига топшириш, ёшлар ўртасида
жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш каби бир қатор истиқболли
лойиҳалар амалга оширилишига келишиб олинди.
Кун тартибидаги барча масалалар таҳлилий-танқидий кўрилиб, тегишли
қарорлар қабул қилинди ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича
чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.
Аҳрор Содиқов.





Комментариев нет:
Отправить комментарий