13 января 2018 г.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг байрам табриги

Қадрли Ватан ҳимоячилари!
Сиз борсизки, кунларимиз фаровон, тунларимиз осуда. Сиз Ватанимиз сарҳадларида бедорлигингиз учун бешикдаги фарзандларимиз осуда ухлашади. Ҳар куни эрталаб ишонч билан фарзандларимизни боғчаю мактабга кузатамиз, ишга келамиз ва яхши кайфият, хурсандчилик билан уйга қайтамиз. Шаҳару қишлоқларимизда, маҳалламизда бир ёки бир неча тўю томоша, байрам тантанаси, шоду-хуррамлик. Энг узоқ, чекка қишлоқдаги хонадон, оила ҳам ўз уйида хотиржам.  
Мустақил тараққиётимиз тарихида энг ёрқин саҳифалардан бири бўлган 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами нафақат ҳарбий хизматчилар, балки Қуролли Кучлар сафида муқаддас бурчини ўтаб қайтган ва хизматга боришга шайланаётган минг-минглаб мард, навқирон фарзандларнинг, уларни дуолари билан қўллаб-қувватлаётган отахону онахонларнинг, севимли ёрининг аскарликдан қайтишини кутаётган лобар қизларнинг, умуман, халқимизнинг энг азиз байрамларидан бирига айланди. Бу байрамнинг қалбимиздан чуқур жой олгани халқимизнинг ўз ҳимоячиларига юксак эътибори ва ҳурматидан далолат беради.
Яна бир янгилик! Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиб у асосида ҳамкорликдаги тузилган режага мувофиқ тизимли тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган. Жумладан, ҳудудларда “Жасорат” клублари фаолиятини йўлга қўйиш, “Ёшлар поезди” тарғибот акциясида ҳарбий хизматчиларнинг иштирокини таъминлаш, армия мактабини ўтаган ёшлар билан узлуксиз алоқани йўлга қўйиш, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган йигитларни ишга жойлаштириш ва бандлигини таъминлаш каби тадбирлар амалга оширилади. 
Азиз Ватан ҳимоячилари!
Қашқадарё заминда туғилиб, вояга етган буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ўзининг ҳарбий салоҳияти ва қудрати билан етти иқлимга донг таратган. Бу улуғ зотнинг авлодлари бўлмиш ҳарбий хизматчиларимиз, қўйингки, бутун халқимиз миллий ўзлигимиз, мустақиллигимиз, тинчлигимизни ҳимоя қилишни муқаддас бурчи деб билади.
Чунки, дунёда касблар кўп. Лекин, киндик қони томган она –заминни ҳимоя қилиш, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ўз оиласини, шаънини, ор-номусини ҳимоя қилишдек шарафли касбни танлаган ва буни виждоний бурчи деб билган аскарларимиз постида сергак экан, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги барқарор бўлади. Сархадларимиз мустахкам экан, кўнгилга шоду хуррамлик сиғади, байрамлар ярашади, эртанги кунга ишонч ортади.
Аскарларимизни, Ватан ҳимоясига дахлдор барча фуқароларни, Ватан ҳимоячилари куни байрами билан яна бир бор самимий табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, юртимиз равнақи йўлида амалга ошираётган фидокорона ишларингизда омад ёр бўлишини  тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!


Шомурод Сатторов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси.

Комментариев нет:

Отправить комментарий