Қашқадарё вилоят
телерадиокомпанияси студиясида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар
иштирокида “Темур тузуклари билимдони”
танлови ўтказилди.
Ушбу танлов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Қашқадарё вилоят Кенгаши, Жанубий-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги
билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз тафаккурининг
маҳсули бўлган “Темур тузуклари”ни ўрганишни оммалаштириш, асарда келтирилган
фикрлар асосида ёшларнинг маънавий
иммунитетини мустаҳкамлаш, энг ёрқин мисоллар билан акс эттирилган тарихимиз,
ўтмиш сабоқлари борасидаги билимларини янада оширишдан иборатдир.
Танлов иштирокчилари Соҳибқирон
бобомизнинг ҳаёти ва амалга оширган ишлари ҳамда “Темур тузуклари” асаридан
тест синовлари, савол-жавоб ва “Энг яхши тақдимот (презентация)” каби 3 та шарт
бўйича ўз билимларини синовдан ўтказишди.
- Соҳибқирон
бобомиз бизга мерос қилиб қолдирган “Темур тузуклари”ни ўқисам, худдики ўзимга қандайдир
катта руҳий куч-қувват топгандек бўламан, - дейди танлов ғолибларидан
бири оддий аскар Нодирбек Набиев. – Бугунги мураккаб ва таҳликали даврда бу
китобни қайта-қайта мутолаа қилиш, унинг мағзини чақиш биринчи галда Ватанини ҳимоя
қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган алп йигитлар учун бағоят
фойдали экани ҳақида ортиқча гапириб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.
Танловнинг якуний натижаларига кўра,
1-ўринни Набиев Нодирбек, 2-ўринни Бекбутаев Самандар, 3-ўринни Азизов Алишерлар
эгаллади. Ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчиларнинг диплом ва эсталик совғалари
билан тақдирланишди.
Аҳрор Содиқов.



Комментариев нет:
Отправить комментарий