
Аввал хабар
берганимиздек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16 август
куни таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича ўтказилган мажлисда янги
ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишиб, умумтаълим мактаблари ва ўрта
махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро интеграция,
11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими
тизимини ислоҳ қилиш, янги очилган олий таълим муассасалари, филиаллар
фаолиятини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Хуш, Қашқадарё вилоятида бу
борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Таълим сифати янада ошириладими?
Ўқувчилар учун шарт-шароитлар талаб даражасида ташкил этилмоқдами?
Шу каби масалаларга ойдинлик
киритиш мақсадида "Янги ўқув йили: тайёргарлик мезони" номли кўрсатув
тасвирга олинди, деб хабар бермоқда “Қашқадарё”
телерадиоканали раиси ўринбосари Жаҳонгир Тўйчиев.
Унда вилояти ҳокими Зафар
Шаропович Рўзиев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Шомурод
Зокирович Сатторов, вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Лазиз Турсунпўлатович Холов, вилоят Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими
бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Камолович Нормуҳаммедовлар иштирок этди.
Унда вилоят ҳокими сўзга чиқиб,
кадрлар малакасини ошириш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали
ташкил этиш, касб-ҳунарга оид тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, ахборот
технологияларидан кенг фойдаланиш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар
тўғрисида фикрларини билдирди.
- Белгиланган вазифага мувофиқ, вилоятимизда
умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларини ўз хоҳишига кўра 10-синфда ўқишини
давом эттириши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қамраб олиш
ишлари изчил давом этмоқда, - дейди вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Л.Холов. - Таълим муассасаларини янги ўқув
йилига тайёрлаш бўйича вертикал тизим яратилиб, ҳудудий халқ таълими
бошқармаларидан туман ва шаҳарларга, туман ва шаҳар халқ таълими
бўлимларидан ҳар бир мактабга масъуллар бириктирилди.
Янги 2017-2018 ўқув йилида
таълим сифатини янги босқичга кўтариш, педагогик жамоаларда ижодий муҳитни
янада яхшилаш, дарс жараёнига инновацион технологияларни кенг жорий этиш
мақсадида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида кўплаб лойиҳаларни амалга
ошириш режалаштирилмоқда.
Ушбу кўрсатув “Ўзбекистон 24” ва
“Қашқадарё” телеканаллари орқали намойиш этилади.
Аҳрор Содиқов.



Комментариев нет:
Отправить комментарий