17 августа 2017 г.

Шаҳрисабзда ички туризм муаммолари очиқ муҳокама қилинди

Президентимизнинг шу йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси барча соҳани қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон ноёб бир мамлакат бўлиб, унинг ҳудудида энг қадимги тамаддун ва маданиятлар юзага келган, ривожланган, ўз жозибадорлиги жиҳатидан дунёдаги дам олиш ва саёҳатлар учун энг яхши масканлардан қолишмайдиган улкан туризм салоҳиятига эгадир. Бугунги кунда мамлакатимизда 7 мингдан зиёд нодир тарихий ёдгорликлар ва улуғвор ҳамда бетакрор архитектура намуналари мавжуд. Мамлакатнинг сўлим қўриқхоналари ва миллий боғлари унинг бой ва ранг-баранг табиати дурдоналаридир. Мамлакатда миллий маданият, санъат ва ҳунармандчиликнинг кўп асрлик анъаналари авайлаб асраб келинди ва ривожлантирилмоқда. Жаҳонга машҳур миллий таомларимиз ва пазандачилик соҳасидаги анъаналаримиз Шарқ меҳмондўстлигининг рамзи ҳисобланади. 
Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмаси, туризм хизматлари сифати ва унинг даражаси, шунингдек тармоқни бошқариш тизими глобаллашув ва кескин рақобат шароитида замонавий талабларга мос келмайди. Туризмнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан орқада қолмоқда. 
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбекистон Республикасида ички туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унда ёшларнинг ўрни” мавзусидаги форумда туризм соҳасида фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар, тажрибали мутахассислар, ушбу йўналишда таҳсил олаётган талабалар иштирок этди. 
Мазкур тадбир учун айнан Шаҳрисабз шаҳри танлангани бежиз эмас. Негаки, бу ҳудуднинг табиати мафтункор, шаҳар қадимий обидаларга бой. Бугун тобора чирой очиб, замонавий қиёфа касб этаётган Шаҳрисабзга келишни кўпчилик орзу қилади. Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилаётган тадбирдан кўзланган мақсад ҳам юртимизнинг тарихий жойларига, улуғ авлиёлар ва буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларга саёҳат уюштириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини ўрганиш ва янада юксалтириш, бу жараёнда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган.
Форум иштирокчилари тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда, ички туризмни ривожлантириш истиқболлари, ёшлар туризми, туризмга ихтисослашган таълим, ҳудудлардаги туризм инфратузилмасининг ҳолати, ички туризм соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш каби мавзуларда фикр алмашди. 
Форум доирасида иштирокчилар Шаҳрисабз шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди. Оқсарой мажмуаси, Кўкгумбаз жомеъ масжиди, Чорсу бозори каби тарихий обидаларни томоша қилди. “Чорсу” меъморий мажмуасида ташкил этилган мусиқий-маданий кечадаги куй-қўшиқлар ва миллий либослар намойиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
– Шаҳрисабзга биринчи марта келишим, – дейди самарқандлик Нилуфар Ҳасанова. – Шаҳар мен ўйлаганимдан ҳам чиройли экан. Айниқса, маҳобатли Оқсарой мажмуаси ҳайратланарли. Ҳозир гид-таржимон сифатида фаолият юритаман. Бугунги форумдан кейин хориждан ташриф буюрувчи меҳмонларга Шаҳрисабз шаҳрини ҳам албатта тавсия этаман.
Тадбир доирасида Коба мақом марказида ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда айрим ҳудудларда туризм соҳасида кўзга ташланаётган камчилик ва муаммолар акс этган видеолавҳа намойиш этилди. Мавжуд туристик имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани, транспорт инфратузилмаси ривожланмагани, мутахассислар етишмаслиги, соҳага хорижий инвестициялар жалб этилмаётгани танқид қилинди. 
“Ички туризмни ривожлантириш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар таҳлили”, “Соҳа ривожида жамоат ташкилотларининг ўрни”, “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш”, “Ўзбекистон Республикасида жойлашган музейлар ва обидалар ҳолати”, “Ички туризм соҳасида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш масалалари” каби мавзуларда маърузалар тингланди. 
Очиқ мулоқот давомида иштирокчиларга Ёшлар нашриёт уйи томонидан тайёрланган ва уч тилда чоп этилиши мўлжалланаётган “Шаҳрисабз: тарих ва келажак чорраҳаси” номли китоб лойиҳаси тақдим этилди. Хорижликларни юртимизнинг туристик салоҳияти билан таништирувчи “Visit Uzbekistan” журнали нашр этила бошлагани, келгусида Ёшлар туризмини ривожлантириш ассоциацияси тузилиши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашларига лизинг асосида сайёҳлик йўналишидаги автобуслар берилиши, уй-меҳмонхона бизнеси билан шуғулланаётган ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш режалаштирилаётгани таъкидланди. 
Форум якунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ва Туризмни ривожантириш давлат қўмитаси ўртасида меморандум имзоланди. 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков ва Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиевлар сўзга чиқди. 








Комментариев нет:

Отправить комментарий