18 июля 2017 г.

“Камалак” билан таътил мазмунли ўтмоқда

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни истиқлол ғоялари ҳамда она-Ватанга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масаласига катта эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш йўналишида янгича ёндашув жорий этилган бўлиб, айни чоғда мавсум юқори кайфиятда ўтмоқда.

Бу мавсумда болажонларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича вилоятдаги 19 та стационар оромгоҳлар хизмат кўрсатаётган бўлиб, уларда мавсум охирига қадар 26 минг 440 нафар ўқувчини қабул қилишни режалаштирилган.
Болажонларнинг ҳар бир куни мазмунли ва мароқли ўтиши учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят “Камалак” болалар ташкилоти томонидан “Ёзни – “Камалак” билан” лойиҳаси доирасида қизиқарли тадбирлар, маданий тадбирлар ва интерфаол ўйинлар болаларга бир олам завқ бағишлаётир.

– “Ёзни – “Камалак” билан” лойиҳаси доирасида оромгоҳларда ўтказилган маърифий кечалар, давра суҳбатлари ва фестиваллар болажонларда катта таассурот қолдирмоқда, – дейди вилоят “Камалак” болалар ташкилоти раиси Нилуфар Назарова.Ушбу тадбирлар ёшлар қалби ва онгида ватанпарварлик туйғусини мустаҳкам қарор топтириш, уларни ўқиш ва изланишга ундаши билан аҳамиятлидир. Лойиҳа доирасида ташкил этилаётган қатор фестиваллар, ижодий учрашувлар ўқувчиларнинг қизиқишини ошириб, янгидан-янги асарлар яратишга чорлаяпти.

Ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, мароқли дам олишларига шароит яратиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини, китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Энг яхши китобхон”, “Энг яхши рассом” каби танловлар, “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир”, “Огоҳлик – бурч, ҳушёрлик – масъулият” мавзуларида маърифий дастурлар, мушоира кечалари ташкил этилмоқда. Таниқли олим, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар билан учрашувларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, Вилоятимиз мактабларида кундузги оромгоҳлар ва спорт-соғломлаштириш майдончалари фаолияти ташкил этилгани айни муддао бўлаяпти.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда юртимизда фарзандларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариш ва  жисмоний чиниқиш билан бирга, билимларини янада бойитишлари учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган. Зеро, ҳар томонлама баркамол авлод мамлакат қудратини янада юксалтириш ҳамда биз орзу қилган порлоқ келажакни қуришга қодир.
Аҳрор Содиқов. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати ходими.

Комментариев нет:

Отправить комментарий