29 июля 2017 г.

ҲАРБИЙ ХИЗМАТ - ЮКСАК ШАРАФ

Нишон туманидаги бир қатор касб-ҳунар коллежлари ҳамда мактаблар ўқувчилари тумандаги ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб, аскар ва офицерлар билан учрашишди.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида, “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган ушбу тарғибот тадбирида ёшлар миллий армиямизнинг салоҳияти, Қуролли Кучларимиз тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар ҳаёти, уларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Тадбирда туман ҳокими Асрор Жўраев ва ҳарбий қисмнинг масъул офицерлари иштирок этди. Ўқувчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва иқтисодий ислоҳотлар, ҳаётимизда рўй бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишларда ёшларнинг ўрни ва роли ҳақида кенг тушунчалар берилди. Айниқса, бутун дунёда турли хил ғоявий ва мафкуравий хуружлар авж олган бугунги кунда ҳар бир йигит-қизнинг соғлом фикр ва дунёқарашга эга бўлиши, Ватанни ҳимоя қилиш, унинг равнақига ҳисса қўшиши муқаддас бурч эканлиги таъкидланди.
- Ёшлар юртимиз келажаги, ватанимизнинг эртанги тараққиёти эгаларидир, - дейди ҳарбий қисм командирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари Файзулла Шерматов. - Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад навқирон авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, эл-юртга содиқлик, фуқаролик бурчини, муҳим конституциявий мажбуриятларни бажаришга тайёргарлик туйғусини шакллантиришга кўмаклашишдан иборат. 
Шунингдек, тадбир давомида қисм қўмондонлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фаолиятини акс эттирувчи адабиётлар, ҳарбий кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди. Мавзуга доир “Ватан” деб номланган видеофильм намойиш этилди ва тадбир қатнашчилари билан муҳокама қилинди.
Ж.Боймуродов.

Комментариев нет:

Отправить комментарий