26 апреля 2019 г.

Вилоятимизни ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантирайлик!

Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Шомурод Сатторов вилоятни ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида вилоят ёшларига мурожаат йўллади.

Қуйида мурожаатнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.


Юртимиз эгаси бўлган азиз ёшлар!
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан қабул қилинган барча Қарор ва Фармонларда, халқимиз вакиллари билан учрашувларда, ўз мурожаатларида ёшлар билан боғлиқ долзарб масалаларнинг ўз аксини топаётгани, яна бир бор ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири эканлигини тасдиқламоқда.
Сизлар мамлакатимиз келажагининг эгаси, барқарор тараққиётимизнинг муҳим пойдеворисиз! Сизларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бундан оқилона фойдаланаётган эртамиз эгалари, Қашқадарёлик ёшлар ўз истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиб, ҳамма соҳада юксак натижаларни қўлга киритаётган бир вақтда, ёшлар ўртасида турли жиноятлар, айниқса оғир жиноятларнинг ҳам содир этилаётгани ҳаммамизни бирдек ташвишлантирмоқда.
Назоратсизлик ва эътиборсизлик оқибатида Қарши шаҳри ва айрим ҳудудлардаги кафе ва ресторанлар вояга етмаганларнинг масканига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай масканларда ўзининг қимматли вақтини сарфлаётган ёшлар “биров”нинг синфдоши, дўсти ёки ўртоғи эмас, бу ёшлар албатта, Сизнинг синфдошларингиз, дўстларингиз ва ўртоқларингиз ҳисобланади. Турли ўғирлик, тан жароҳати етказиш, ўз жонига қасд қилиш каби жиноятлар Сиз ва биз истиқомат қилаётган маҳаллада, ўз тенгдошларингиз орасида содир бўлмоқда.
Бир нарсани ҳар биримиз ёдда тутишимиз лозим, ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларларнинг қонун билан таъқиқланган барча кўринишлари учун жазо муқаррар!
Бугун дунёнинг турли ҳудудларида террористик ҳаракатлар содир этилаётган бир пайтда, Она Ватанимиз Ўзбекистонни ривожланаётган давлатлар қаторидан муносиб жой олганини, ёшларимизнинг эришаётган марраларини нафақат халқимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти ҳам муносиб эътироф этмоқда.
Сиз азиз ёшларни вазиятга жиддий эътибор қаратишга, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этишда фаол иштирок этишга ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи атрофида эзгу мақсад, “Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, мустақилликни мустаҳкамлаш” йўлида бирлашишга чорлаб қоламиз! Шиддат билан тараққий этаётган жонажон Ўзбекистонимиз равнақи йўлида белни маҳкам боғлаган ҳолда ҳаракат қилиш – бу ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган яратувчанлик ва бунёдкорлик ишларининг бардавом бўлишига биргаликда ўз ҳиссамизни қўшайлик! Бунинг учун барчамиз кучларимизни бирлаштирсак, аждодларга муносиб ворис бўлиб, саъй-ҳаракат қилсак, Президентимиз Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам танлаган йўлимиздан қайтмаслик” кундалик фаолиятимиз мезонига айланиши лозим. Шундагини кўзлаган марраларга албатта эришамиз,
Қадрли ота-оналар!
Шак-шубҳа йўқки, инсонга берилган неъматлар ичида фарзанд энг улуғларидан биридир. Шундай экан, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлиш – Аллоҳ берган неъматга ношукурлик қилишдир. Фарзандига ёшлигидан илму-маърифат бериб, имон-эътиқодли қилиб тарбия қилган инсоннинг фарзандлари ота-онасига дунё ва охиратда яхшилик олиб келади. Бунинг акси бўлса, уларга ҳасрат ва надомат бўлади.
Абдулла Авлоний “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалоқат,  ё сабот, ё фалоқат масаласидир”, деб ёзган эди. Биз ота-оналар фарзандимизнинг тарбияси учун масъул эканимизни унутмайлик.
Азиз ёшлар!
Қашқадарё халқи асрлар мобайнида  сақланиб, сайқал топиб келган ўз миллий урф-одатлари, расм-русм, удум ва анъаналари, тоғлардек баланд  ғурури, ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзи, ҳуқуқий онги, эътиқоди, бир сўз билан айтганда, маданий-маънавий дунёси билан ажралиб туради. Бу кўҳна юрт соҳибқирон Амир Темур ва улуғ аждодларимиз Насафийларга бешик бўлган муқаддас заминдир.
Шундай экан, ҳамжиҳатликда, бир жамоа бўлиб меҳнат қилсак, лоқайдлик ва бефарқликка барҳам берсак, “Менинг вилоятим – ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудуд!”, дея баралла айта оламиз.
Шомурод Зокирович Сатторов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси.

Комментариев нет:

Отправить комментарий