Қашқадарё вилояти
бўйлаб Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон
ассоциацияси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 16-17 апрель кунлари ёшларни
хорижий давлатларда меҳнат фаолиятини олиб боришлари ҳамда таълим олиш тартибига
оид маълумотлар бериш мақсадида “Life abroad” (Хориждаги ҳаёт) лойиҳаси ташкил
этилди.
Қашқадарё
вилоятига икки кунлик сафар давомида иштирокчилар хорижий мамлакатларга кириш
ва чиқиш жараёнига оид бўлган ўзларини қизиқтирган саволларга Ўзбекистон ёшлари
умумжаҳон ассоциациясининг ходимлари томонидан жавоблар олишди.
Ана шундай
табирлардан бири жорий йилнинг 16 апрель куни Касби туманида бўлиб ўтди. Унда
доимий иш билан банд бўлмаган, шунингдек, хорижий давлатларга меҳнат ёки ўқиш
учун кетиш ниятида бўлган 150 нафардан зиёд ёшлар иштирок этди.
Уларнинг ичида
хорижда одам савдоси жабрини тортаётган 135 нафар ватандошларини қутқарган
Фазли қишлоғилик Шоҳруҳ Абдухолиқов ҳам бор эди. У тенгдошларига ўзга юртларда
бошидан кечирганларини сўзлаб берди.
Кейинчалик аслида
воқеа қандай бўлгани билан қизиқиб, ёш қаҳрамонимизни суҳбатга тортдик:
- Кунлардан бир
куни бобом оёғидан жароҳат олиб касалхонага тушиб қолди, - дейди Шоҳруҳ. –
Табиийки, бир оёғим касалхонада бўлди. Куни
буйи бобомга қарашиб ёнларида қолардим. Бобомга Ўзбекистонга хизмат сафари
билан келиб тоби қочиб қолган Андрей исмли рус киши палатадош эди. Улар
бир-бирлари билан ниҳоятда қалин оғайни бўлиб қолишди. Фикрлари бир жойдан чиқар,
қариндош-уруғлар орасидаги меҳр-оқибатимизга Андрей ака ҳавас билан қарарди.
Оилавий қадрдон бўлиб қолдикки, касалхонадан чиққач бизникига 2 кун меҳмон
бўлиб кейин ватанига қайтиб кетди. Шундан кейин ҳам узоқ вақтгача улар
орасидаги дўстлик узилиб кетмади, тез-тез қўнғироқлашиб туришарди.
Ёшим улғайгач ҳарбий хизматга бордим. Йигитлик
бурчимни адо этиб уйга қайтгандан сўнг ҳеч ишнинг бошини тутолмадим. Сира
омадим юришмади: ўқишдан йиқилдим, ишга жойлашолмадим. Кунлардан бир кун
бобомга Андрей аканикига меҳмонга бориб келсамчи, деган таклифни айтдим. Зўрға
рухсат олиб, қаёқдасан Россия, дея сафарга отландим. Афсуски, Андрей ака
оламдан ўтган экан. Ўзбекистон ва ўзбекларнинг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги,
Касби тумани Фазли қишлоғидаги Абдухолиқ бобомнинг одамийлиги ҳақида кўп айтиб
берган эканлар, янгамиз Елена хола меҳр билан, очиқ кўнгиллик билан мени
кутиб олдилар. Уйларидан жой бериб, меҳрибонлик кўрсатдилар. Бир куни Қора
денгиз бўйлаб сайрга таклиф қилдилар. Денгиз бўйлаб юрганимда икки нафар
ўзбекистонлик ҳамюртларим билан тасодифан танишиб қолдим. Хоразмлик ва
андижонлик бу йигитлар қарийиб бир йилдан буён паспортсиз, ойлик
олмасдан мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганликларини, фурсат топгунча
уйларига қайтиб кетишлари кераклиги, қочишнинг ҳеч иложи йўқлигини айтиб,
дардларини тўкиб солишди. Узоқ суҳбатлашдик, юрагимга олов тушди. Елена
холаникига қайтиб келгач, ухлолмай чиқдим. Қоши қошимдай, кўзи кўзимдай
тим қора ватандошларимнинг мунгли чеҳралари хаёлимдан кетмай қолди.
Эрталаб уйғонишим билан яна ўша йигитларнинг олдига
югурдим. Яшаш шароитлари билан танишдим, казармадай жойда тиқилиб, ҳеч қандай
шароитсиз яшаётган ўзбекистонлик, тожикистонлик, қирғизистонлик йигитларнинг аҳволини
кўриб баттар юрагим ачишиб кетди. Ҳали ҳамон темир кравотлар, яғири чиқиб
кетган чойшаблар, нураб кетган деворлар, тешилиб кетган поллар хаёлимдан
кетмайди.
Нима қилишни билмай яна Қора денгиз бўйини йиғлаб-йиғлаб
айландим. Чорасизлигимдан эзилиб кетдим. Кўп йўл-йўриқни биладиган Елена
холадан ёрдам сўраш керак, деган фикр ярқ этиб хаёлимдан ўтди. Югуриб уйига қайтиб
келдим ва воқеани обдон тушунтирдим. Юртдошларимни қутқаришга ёрдам
беришларини сўраб, ялиниб-ёлвордим. Уларни ватандошларим яшаётган жойга етаклаб
келдим. Хола вазиятни тушуниб етгач, қаерларгадир қўнғироқ қилди, кимлар
биландир талашиб-тортишди. Энг қизиғи, йигитларимизнинг паспортини олиб қўйган
зўравонлар эса бир пастда қаергадир ғойиб бўлишди. Телефонда навбатдаги
даханаки жангдан сўнг, хола бизни бир хонага бошладилар ва полни қўпоришни
буюрди. Полни қўлларим билан бузиб, очиб қарасам бир уюм паспорт скочлаб
ташланган, умрим бино бўлиб бунча паспортни кўрмаган эдим.
Шоша-пиша паспортларни бир-биридан ажратиб, эгаларига тарқатдим.
Йигитлар гоҳ мени, гоҳ Елена холани қучоқлаб миннатдорчилик билдиришар, қувончларининг
чеки йўқ эди. “Ношукурлигимиз учун шундай балоларга йўлиқдик”, “бинойидай
ишимни ташлаб келибман-а”, “менга бу ерларда нима борийди”, “икки дунёдаям бунақа
номаъқул ишга қўл ўрмайман”, “ўз юртингдан қўймасин экан”... Йигитлар бир олиб,
бири қўйиб шундай дейишар, паспортларини кўзларига суришар эди.
Қонун-қоидани яхши биладиган Елена холадан йиллаб
ишлаб, энг оғир ишларга жалб қилинсада бир тийин ҳам ололмай алданган
йигитларни юртга қайтаришга ҳам ёрдам беришларини сўрадим. Хола яна бир марта ҳиммат
кўрсатиб, автобус, енгил автомашина ёллаб бердилар. Меҳрибон, ғамхўр
ва яхшиликни унутмайдиган, ўрис холам билан минг йиллик қадрдонлардай қучоқлашиб
хайрлашдик. У киши ҳам кўзда ёш билан бизни кузатиб қолдилар.
Узоқ ва машаққатли сафаримиз тугаб, қадрдон
Ўзбекистонимизга етиб келдик. Йигитлар менга ташаккур билдириб,
уй-уйларига тарқаб кетишди. Мен ҳам уйга келгач, бобомни ортиқча хавотирга
солмаслик учун бўлган воқеалар ҳақида оғиз очмадим. Менинг ўрнимдаги ҳар қандай
инсон шундай қилган бўларди, деб ўйлайман.
Ўзбекистон ёшлар
иттифоқи ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси томонидан ўтказилган ёшлар билан учрашувда одам савдосининг салбий оқибатлари ҳақида суҳбат руҳлантирмаганда,
бу воқеаларга шахсан ўзим гувоҳлигимни, бошқаларга ноқонуний йўллар билан ҳорижда
ишлашга бориш оғир оқибатларга олиб келишини айтмасам гуноҳ бўлади, деб
ўйладим. Айтдим. Бўлмаса бу воқеа, балки ичимда қолиб кетармиди.
Аслида, асл қаҳрамонлик халқимизнинг қадриятларида деб
ўйлайман. Абдухолиқ бобомнинг меҳру оқибати, бағрикенглиги, инсонпарварлигидан
пайдо бўлган дўстлик туфайли 135 нафар йигит одам савдоси жабридан қутқарилди.
Менинг фикрим шу.
Эндиги режамми? Олий маълумотли бўлиш, эл-юртга
наф келтирадиган касбни эгаллаш. Мен учун қаҳрамонлик?... Умрни мазмунли
ўтказиш, ота-боболаримизга муносиб ҳаёт кечиришдир.
Лола
Саодатова суҳбатлашди.




Комментариев нет:
Отправить комментарий