15 ноября 2017 г.

Қўрқув фитнаси

Бугун “терроризм” термини билан боғлиқ ҳодисалар бутун дунёни ўзига қаратиб қўйди. Аслида, террор маълум бир мафкуравий, диний ва миллий мақсадларга эришиш учун бир восита бўлиб, зўравонлик орқали жамиятда қўрқув уйғотишдир. Тарихдан маълумки, бу усул душманни руҳини синдиришни энг қулай ва арзон йўли бўлган. Қатағон ва бошқа қўрқув воситалари ёрдамида қарам жамиятдаги руҳий қаршиликлар бостирилиб турилган. Кичик гуруҳлар, уюшган жиноий тўдалардан тортиб, ўнг-сўл партиялар-у, йирик давлатларгача бу усулдан фойдаланган. Терроризм оммавий равишда қўлланилган, зарар кўрадиган аҳоли сараланмаган. Мақсад ягона – маълум бир мафкура, дин, сиёсий гуруҳ ё шахсни сиёсий таъсирини орттириш бўлган.

Бугунга келиб эса бу усул бир мунча такомиллаштирилди. Энди ундан айрим давлатлар бошқа бир давлатларни ўз манфаати йўлида обрўсизлантириш учун ҳам фойдаланмоқда. Шунча салбий ҳолатлари бўлгани билан бу атаманинг ягона умумий тарифи, тушунчаси мавжуд эмас. Шу сабабли термин тобора мавҳумлашиб бормоқда.
Хўш, нега терроризм ҳали ҳам бартараф этилмаяпти?
Бу саволга жавоб сифатида ҳаммада ҳар-хил идеология мавжуд. Баъзилар бунга сиёсий ўйин сифатида қарайди, баъзилар пулдор шахслар даромади деб билади. Ҳаттоки, бу хусусда турли фитна назариялари кўпайиб кетган.
Менимча, бунинг ягона сабаби – терроризмнинг “аноним”лигидир. Уларнинг мақсади, қиёфаси, қаерда жойлашганлиги, қачон ҳаракатга келиши, нималар қила олиши аниқ эмас. Уларнинг уруши одатий урушдан фарқ қилади. Улар жанг майдонида уруш қилмасдан, провокатсия(фитна) орқали қўрқув уйгъотиб, асабийлаштириб, ўз-ўзини ичдан кемиришга мажбур қилиш. Тўғри, одатий урушда ҳам қўрқув муҳим рол ўйнайди. Лекин, унда душман униформа (махсус либос)даги маълум бир кишилар бўлади. Террорда эса, душман номаълум: алоҳида ажратиб турувчи либос ёки белгиси йўқ. Айнан шу “қиёфасизлик” одамларда қўрқув уйғотади. Ниқобдаги террорчи ҳар ким бўлиши мумкин: Етти ёт бегонадан тортиб, яқинимизгача! Психологларнинг айтишича, одамлар айнан тушунмаган нарсаларидан қўрқадилар.
Улар камдан-кам ҳолларда давлатга ҳужум қилади. Чунки ноқонуний ҳужум ҳеч қачон “ЭФФEКТ” бермаган. Бунга мисол қилиб, Совет Иттифоқининг Афғонистонга, АҚШнинг Ветнам ва Ироққа ҳужумини ҳам келтириш мумкин. Ўта камдан–кам ҳолда эса “иқтисодий юрак”-электр станциялар, нефт конлари, сув омборларига ҳужум қилади. Энг кўп қўллайдиган усуллари – тўполон кўтариш ва аҳолида аламзадалик уйғотиш. Масалан, қайсидир террорчи гуруҳ бирор давлатнинг аҳоли гавжум жойида теракт уюштиради, ҳужум қилади. Давлат эса халқда нафрат уйғотмаслиги учун кенг диапазонда террорга қарши уруш очади. Душманнинг “аноним”лиги сабабли, айбсизларнинг азият чекиш эҳтимоли бор. Айнан шу жабрланганлардаги бўшлиқни террорчилар диний радикализм билан тўлдириб ўзлари учун янги жангари манбаларига айлантиради. Улар рамзлардан ҳам кўп фойдаланади. 11-сентябрь деса, кўпчилик савдо марказининг қулашини эслайди. Айнан шу куни Пентагонга қилинган ҳужумни эса кўпчилик эсламайди. Лекин, Пентагондаги теракт АҚШ тарихидаги энг аламли саҳифадир. Яна шу каби “спектакль”ларга мисол қилиб “Шарли Эбдо” журнали таҳририятидаги, Анқара паркидаги ёки Брюссел аэропортидаги портлашларни келтириш мумкин. Улар кўзлаган мақсад – кўпроқ одамни ўлиши эмас, одам кўп жойда тўполон кўтариш!
Яна улар ОАВлардан ҳам самарали фойдаланмоқда. Ҳужумга дучор бўлган давлат аҳолида ваҳима уйгъотмаслиги учун расмий баёнот бермайди. Бундан фойдаланган террорчилар ё уларнинг тарафдорлари “халқни ҳимоя қила олмайди” дея “шантаж” қилиб, провокатсияни кучайтиради.
Кенгроқ анализ қилсак, зилзила, табиий офатлар ёки, автоҳалокатлар, икки давлат ўртасидаги одатий урушда қурбон бўлганлар сонидан, террор оқибатида қурбон бўлганлар сони кам (1980-йилдан бошлаб ҳисобланган статистика бўйича). Демак, мантиқан қарасак, уларнинг оммалашишига оддий аҳолининг ўзи ҳам замин яратади. Тинч яшаб келаётган Ныю-Йоркда 8 кишини машина босиб кетса ҳамма “теракт” деб ваҳима кўтаради. Доимий равишда уруш бўлаётган жойларда эса кунига юзлаб одамлар ўлса ҳеч ким эътибор бермайди. Уларга яна давлатларнинг ўзи ҳам ўзи билмаган ҳолда ёрдам бериб юборади. Жабрланган ҳукумат терроризмга қарши уруш очиб, неча йиллар давомида амалга оширмаган сиёсий ёки ҳарбий ўзгаришга қўл уради. 11-сентябрдаги теракт АҚШда Афғонистонга қарши агрессияни уйғотди. Ва шу давлатнинг амалдаги режими агъдарилади. Оқибат, террорчиларга фойдали инқирозга ботган янги ҳудуд пайдо бўлди.
Терроризмни кенг илдиз отишига ОАВнинг ҳам хизмати катта. Капиталистик жамият ОАВси шов-шувга ўч бўлади. Теракт бўрттириб кўрсатилаётган кадр аҳоли орасида террорчиларнинг тарафдорларини пайдо қилиши мумкин. Айниқса, жамиятда ўрнини топа олмаган ёшларда уларга қизиқиш пайдо бўлади.
Терроризм ўчоқларига айланган жамиятлар таҳлил қилинса, уларда неча йиллар давомида бир мафкура олий ва ўзгармас деб сингдирилган, миллий анъана ва диний қадриятларни мутлақлаштирилганлиги ва шу оқибатида ҳозирги тўқнашувлар бўлаётганини кўриш мумкин. Демак, жамиятда қадриятлар эркинлиги тўлиқ кафолатланган бўлиши лозим.
Таклиф:
Диний ақидапарастлик – маданий хилма-хилликни тан олмайдиган мафкурадир. Шу сабабли ўрта ва олий таълимда дунёни мустақил англашга ёрдам берадиган фалсафа, мантиқ, психология каби гуманитар фанларни ва шу билан бирга диний билимларни берилишини чуқурлаштириш лозим. Илм-фан ва маданий хилма-хиллик юксалган жамиятда диний экстремистик, радикал мафкураларга жой қолмайди.
Айрим статистик маълумотлар “Тафаккур” журналида чоп этилган “Вайронкорлик санъати” мақоласидан олинди.
Нуржаҳон Фармонов
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоли.

Комментариев нет:

Отправить комментарий