30 октября 2017 г.

Тил бор экан, миллат барҳаёт!


Қарши шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган умумий таълим мактабида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг  28 йиллигига бағишлаб “Тил – миллат кўзгуси” номли тадбир ташкил этилди. Унда ёзувчи ва шоирлар, тилшунос олимлар, ўқитувчи ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди. 

Тадбирда Она тилимизнинг гўзал жозибаси, унинг миллат кўзгуси сифатида жамиятдаги ўрни, Давлат тили мақоми тўғрисида мутахассис ўқитувчилар томонидан қизиқарли маълумотлар берилди.
Ҳазрати Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз-элга эътиборсиз” деган хикмати неча аср ўтса ҳам ўзининг маъно-моҳиятини йўқотгани йўқ. Аксинча, тарихий жараёнлар бу хикматнинг нақадар ҳаққонийлигини исботлаб келмоқда. Миллийлигимизнинг асоси бўлган она тилимизга “Давлат тили” мақоми берилиши мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги  унитилмас тарихий воқеага айланди. Айни пайтда, бу қонун тилимизнинг ижтимоий мавқеини  янада мустаҳкамлаш, уни юксалтириш учун ҳам беқиёс имкониятлар яратди. Дунё тилларининг фақат икки юзтасигина давлат тили мақомига эришган бўлиб, улар орасида ўзбек тили ҳам бор. Бу эса, ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиб, тилимиз софлигини сақлашда зиммамизга масъулиятлар ҳам юклайди. Она тилимизни асраб-авайлаш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. 
- Ҳар бир халқнинг расм-русумлари, урф-одатлари, муқаддас меъморий обидалари, алломаларининг тарихий ва илмий асарлари ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказишда ҳамда мамлакатнинг тараққий этишида беқиёс аҳамиятга эга, - дейди мактабнинг Ўзбек тили фани ўқитувчиси Шаҳноза Астанова. – Дунёдаги ҳар бир халқнинг миллий тили миллати пайдо бўлган вақтдан шаклланиб, йиллар мобайнида сайқалланиб боради. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, адабий тилимиз — ўзбек тили ҳам замоннинг турли қарама-қаршиликларини енгиб ўтиб, бугунги кунгача ўзига хос тарзда сайқалланиб келди, миллатимизнинг боқий ва бебаҳо қадриятига айланди.
Тадбир давомида ёшлар томонидан ўқилган шеърлар, турли саҳна чиқишлари  иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.


P/S: Ҳа, Мустақиллик йилларида она тилимизга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, таълим муассасаларида унинг қонун-қоидаларига риоя қилинган ҳолда ёшларга билим берилмоқда, касб-ҳунар сирлари ўргатилмоқда. Барча муассаса, ташкилот ва корхоналарда иш ҳужжатлари ҳам она тилимизда юритилмоқда. Аммо, мана шундай глобаллашув жараёнида тилимизга бўлган баъзи салбий муносабатларнинг ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳатто, афсус билан айтишимиз керакки, дарс жараёнларида, йиғилиш ва учрашувларда “замонавий” тарзда гапириш-у, йўл ёқаларида хато ёзилган катта афишаларни кўриб таажжубланмасликнинг имкони йўқ. Ватанини, она юртини севган, унинг истиқболига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган ҳар бир киши, айниқса ёшлар имкони борича тилимизни бу каби салбий ҳолатлардан сақлашга ҳаракат қилиши керак.
Шаҳноза Астанова.

Комментариев нет:

Отправить комментарий