21 июля 2018 г.

“Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури ҳақида


Ҳозирги кунда интеллектуал жиҳатдан етук ва ижодий салоҳиятли ҳамда замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган ёшларни намоён қилиш борасида ижобий ишлар амалга оширилди. Бунинг яққол мисоли сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “ “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармонини келтиришимиз мумкин. Ушбу Фармонда жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, шунингдек, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар ҳанузгача сақланиб қолганлиги танқид остига олинган.

Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурини Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида амалга ошириш бошланганлиги албатта қувонарли ҳол.
Эндиликда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб юритилади) 2018 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида амалга оширилиши белгилаб қуйилди.
Қолаверса, ушбу Давлат дастури доирасида Фармонда қуйидагилар амалга оширилиши белгиланди:
а) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма), шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиалларини ташкил этиш, Жамғарманинг маблағларидан Давлат дастуридаги тадбирларни молиялаштириш, жумладан, қуйидагиларни амалга ошириш учун фойдаланиш:
ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;
Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш;
Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш;
тегишли кўникмаларга эга банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш;

б) ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш;
в) давлат-хусусий шериклик шартларида:
ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет билан таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш учун “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказларини;
савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда “Ёшлар меҳнат гузари” комплексларини қуриш.
Шу билан бирга, мазкур Фармонда “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплексларини қуриш давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шартларида амалга оширилиши белгилаб қўйилди:
а) туман (шаҳар)лар ҳокимликлари:
“Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплексларини, шунингдек, бошқа объектларни қуриш (жойлаштириш) учун хусусий инвесторларга, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри музокаралар орқали ер участка (бўш бино)ларни доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратади;
“Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплексларини муҳандислик коммуникацияларига, жумладан, электр, газ ва сув таъминоти тармоқларига олиб боришни ва улашни туман (шаҳар)лар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан таъминлайди;
б) Жамғарма “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплекслари қурилиши қийматининг 30 фоизигача бўлган қисмини молиялаштиришда мазкур маблағларни уларнинг устав жамғармаси (капитали)га кейинчалик капиталлаштирган ҳолда иштирок этишга ҳақли;
в) хусусий инвесторлар қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
“Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплекслари қурилиши қийматининг камида 70 фоизини молиялаштириш, уларнинг келишилган муддатларда ва намунавий лойиҳаларга мувофиқ қурилиши ва фойдаланишга топширилишини таъминлашни;
Давлат дастури иштирокчиси бўлган ёш тадбиркорларга “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплексларида жой бериш, уларга мақбул нархларда хизматлар кўрсатиш, шунингдек, уларда иш ўринлари умумий сонининг камида 70 фоизи миқдорида банд бўлмаган ёшларни ишга қабул қилиш шарти билан мустақил равишда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишни;
Жамғарманинг туман ва шаҳар филиалларини жойлаштириш учун
“Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказларидаги хоналарни бепул тақдим этишни;
г) “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплексларини сақлаб туриш хусусий инвесторларнинг маблағи ҳисобидан амалга оширилади;
д) “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплексларини қуришга йўналтириладиган маблағлар хусусий инвесторларнинг солиқ солинадиган базасидан чегириб ташланади.
Давлат дастурининг амал қилиши ёшлар тадбиркорлиги субъектларига, 50 фоиз ва ундан кўпроқ муассислари ёшлардан иборат бўлган тадбиркорлик субъектларига, шунингдек, яратиладиган иш ўринларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил давомида ёшларни иш билан таъминлаш учун тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган тадбиркорлик субъектларига, жумладан, хорижий инвесторларга татбиқ этилиши ҳам белгилаб қуйилди.
Ушбу Давлат дастури доирасида ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини молиялаштиришнинг қуйидаги механизмлари ўрнатилиши белгиланди:
Жамғарма Давлат дастури доирасида тақдим этиладиган имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга беришни молиялаштириш учун йиллик 5 фоиз ставка бўйича тижорат банкларига молиявий ресурслар ажратади;
имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш 5 йил муддатга 12 ойгача имтиёзли давр билан берилади;
имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ипак йўли” АИТБ, Халқ банки АТ ва “Ҳамкор банк” АТБ орқали амалга оширилади;
ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан молиялаштирувчи тижорат банклари билан биргаликда ишлаб чиқиладиган намунавий бизнес-режалари асосида молиялаштирилади.
Агар қиймати 2 миллиард сўмдан юқори бўлган ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини молиялаштириш уларнинг бизнес режалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилгандан сўнг амалга оширилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки мазкур Фармон келгусида ёшларнинг тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратишда, иш ўринлари яратишда ва ёшлар бандлигини таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий