20 ноября 2019 г.

Косон тумани ҳокими тадбиркорларга мурожаат қилди

Ҳурматли тадбиркорлар!

Ўзининг ташаббускорлиги, замонавий фикрлаши, қобилияти, илғор технологияларга бўлган чанқоқлиги туфайли, яхши ютуқларга эришаётган тадбиркорлар сони йилдан йилга ўсиб бораётганлиги қувонарли ҳол албатта.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Мухтарам Президентимизнинг таъбири билан айтганда, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз.

Туманимизда кичик бизнес субъектлари сони йил бошида 1458 та бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб 1645 тага етди, йил охирига қадар 150 тага кўпайиши кутилмоқда. Бу албатта туманимизда тадбиркорлик ривожланаётганидан далолат беради.

Қадрли тадбиркорлар!
Мавжуд имкониятларни ҳисобга олиб, тумандаги катта тажрибага эга бўлган, тадбиркорлик соҳасида кўп йиллар давомида меҳнат қилиб етарлича кўникмаларга эга бўлган тадбиркорларнинг таклифларини умумлаштириб, шунингдек ўтган давр мобайнида тумандаги Бош вазир қабулхонасига тадбиркорлар томонидан келиб тушган мурожаатларни чуқур таҳлил қилиб, унда кўтарилган масалаларни инобатга олган ҳолда бутун туманимиз тадбиркорларига мурожаат қиламан:


-туман ҳокими сифатида ўзим ҳар куни соат 19-00 дан 22-00 гача тадбиркорларни тўғридан-тўғри қабул қиламан;

-бундан буён тадбиркорларга ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятига ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги кафолатланади;

-тумандаги барча раҳбарлар тадбиркорларга яқиндан кўмакчи ва ҳамкорликда ишлаши таъминланади;

-туман ҳокими, ҳамда сектор раҳбарлари ҳар куни тадбиркорлар ва уларнинг муаммолари билан шуғулланиши кафолатланади;

Тадбиркор ва унинг тадбиркорлик фаолиятига ҳеч қандай тўсиқ, ғов бўлишига йўл қўйилмайди. Тумандаги 4 сектор раҳбари туман ҳокими, туман прокурори, Ички ишлар бўлими бошлиғи, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи – барчамиз Сиз учун яқин кўмакчи, ҳамкор ва дўстмиз.

Косон туман ҳокими Асрол Бойкараев

Комментариев нет:

Отправить комментарий