28 ноября 2018 г.

Бола тарбиясида педагогни ўрни ва педагогик маҳорат ҳақида


Президентимиз биз педагоглар олдига етук, баркамол, комил инсонларни тайёрлаб бериш билан бир қаторда, рақобатбардош ва халқимиз, юртимиз учун фидойи, юксак маънавиятли ёшларни тарбиялаб бериш вазифаси қўйди. Юксак маънавият соҳиби бўлган комил инсон миллий ва умуминсоний қадриятларга қатъий риоя этади, иймон-эътиқодли, инсофу диёнатли, ориятли, виждонли бўлади. Ҳалол яшайди, ҳалол еб-ичади, меҳнат қилганида ўз манфаатидан давлат, жамият, миллат манфаатини юқори қўяди, хайр-саховатли, меҳр-муҳаббатли бўлади.

Бола ота-она тарбияси асносида мактаб остонасига қадам қўйиши билан унинг тақдири устоз ва мураббийларнинг сабоғига боғлиқ бўлади. А.С.Макаренко айтганидек, "Агар педагог педогогик маҳоратни эгалламас экан, агар у болалар муҳитидаги илғор кучларга таяна олмас экан, уларнинг ўстиришини рағбатлантириб, энг яхши фаолиятларини ривожлантира олмас экан, у муқаррар равишда шахсий таъсир кўрсатишни мутлоқлаштириб боради, яъни ўзига энг осон йўлни танлайди. 
Чинакам маҳорат билан обруталаблик бир бири билан сиғиша олмайди. Агар чинакам маҳоратли педагог ҳамма вақт болаларнинг ижодий камолатига ёрдам бериши лозимлигини уйласа, обруталаб педагог уларнинг мустақил фаолиятини ниҳоятда торайтириб, уларнинг сўзсиз қўлоқ солишларини ёқтиради, бу билан болалар муҳитидаги тарқоқликка кўмаклашади." 
Бугунги замон болаларини тарбиялашда ўқитувчига биргина умумий маданиятнинг ўзи кифоя қилмайди. Болаларни кўзатиш, уларни ўсишидаги муҳим нарсаларни жамиятда вужудга келган асосий ғоялар билан таққослаш, уларни ривожланиш йўллари ва усулларини аниқлаш турли воситалар, тарбиявий таъсир кўрсатиш усулларининг ўзаро бир-бирига ўтиши диалектикасини чуқур таҳлил қилиш, педагогик изланишлар ва ютуқларни илмий жиҳатдан бир системага солиш малакалари зарур бўлади. 
Масалан, ўқитувчи фаолияти давомида инсонпарвар бўлиши, ўз фанини ўқитиш методикасини, педагогика ва психологияни чуқур билиши, педагогик қобилият (билиш, тушунтира олиш, кўзатувчанлик, обру орттира олиш, тўғри муомала қила олиш, одоб-ахлоқ), педагогик техника (нутқ малакаси, ўз ҳиссий ҳолатини бошқариши) маҳоратларига эга бўлиши керак.
"Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир",- деган эди миллий тарбиямиз дахоларидан бири А.Авлоний. Ҳаёт, нажот, саодатга элтувчи иш, тарбияни амалга оширувчи зот бу - ўқитувчидир.
Таълим ва тарбия методлари, усуллари, формалари педагогнинг болаларга меҳр-муҳаббатидан ҳарорат олади ва инсонпарварлик ҳисси тўла қалбидан ўтиб такомиллашади.
Умуман олганда, ҳозирги замон педагогикаси ҳамкорлик педагогикаси бўлиб, у таълимдаги тарбиявий муносабатларнинг инсонпарварлашуви ва демократлашувига йўналтирилган. Маълумки, бола тарбисида оиланинг ўрни жуда катта ва муҳимдир. Ота-онанинг ўз хаётлари, турмуш тарзлари, бола шахсида илмий дунёқараш асослари, маънавий ва ахлоқий тарбия ва инсоний фазилатларни шакллантириш уларнинг олдидаги асосий мақсадидир.
Ўқитувчи ва ота - оналар болаларнинг асосий тарбиячилари ҳисобланади. Шу сабабли таълим-тарбия ишларининг самарадорлиги кўп жиҳатдан педагогнинг ота-оналар билан ишлаш кўникмалари, улар билан умумий тил топа билиши, уларнинг ёрдами ва қўллаб қувватлашига боғлиқдир.
Мустақил юртимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшадиган ёшларга таълим-тарбия беришдек масъулиятли ва улкан вазифани ўз олдига мақсад қилган ҳамда ундан фаҳрлана оладиган педпгог-ўқитувчиларимиз сони кўпаяверсин.
Мухлиса ПАРДАЕВА, Қарши шаҳридаги 15-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.

Комментариев нет:

Отправить комментарий