23 сентября 2017 г.

Ёшлар иттифоқининг яна бир бошланғич ташкилоти иш бошлади

Деҳқонобод калийли ўғитлар заводида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, завод ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Таъсис йиғилишида сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган маърузаси ҳамда 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш, уларнинг орзу-мақсадларини юзага чиқариш йўлида улкан имкониятлар яратиш, ёш авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларни қийнаётган ҳар бир муаммога ечим топиш борасида аниқ вазифалар белгиланганлигини таъкидлади. 
Шундан сўнг, заводнинг бошланғич ташкилоти етакчиси ҳамда Сардорлар кенгаши таркиби сайланди.
- Бизнинг заводимизда 1900 нафардан зиёд киши меҳнат қилаётган бўлса, шундан 600га яқинини ёшлар ташкил этади, - дейди заводга бошланғич ташкилоти етакчиси этиб янги сайланган Равшан Тошматов. – Уларнинг дарду ташвиши билан шуғулланадиган Ёшлар иттифоқи тузилгани, у ҳозирги кунда ёшларни қийнаётган муаммоларга ечим топадиган ташкилот бўлиб қолишига ишонаман ва фидокорона меҳнат қиламан.
Тадбирда бошланғич ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар берилди. 
Билдирилган таклифлар асосида заводда ёшлар билан очиқ мулоқот йўлга қўйилиб, ёшларнинг ҳаётий муҳим муаммолари муҳокама этилиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тўлақонли етказиб бериш мақсадида турли хил тадбирлар ташкиллаштирилиши белгилаб олинди.
 Аҳрор Содиқов.

Комментариев нет:

Отправить комментарий